“Албатта, биз она заминимиз бағридаги ҳар бир моддий ва маънавий мерос намунасини кўз қорачиғидек асраб – авайлаш, қайта тиклаш ва таъмирлаш бўйича қилаётган бу ишларимизни кимгадир намойиш қилиш, кўз – кўз этиш учун эмас, аксинча, келажагимизни ўйлаб, онгимиз ва қалбимиз даъвати билан амалга оширмоқдамиз. Токи эртага бизнинг ўрнимизга келадиган, биз бошлаган олижаноб ишларни муносиб давом эттиришга қодир бўлган ёшларимиз ана шу бебаҳо маънавий бойликдан баҳраманд бўлсин, шу асосда ўзининг кимлиги, қандай буюк зотларнинг авлоди эканлигини англаб етсин”.
Ислом КАРИМОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамоат фонди йиллик ҳисоботи юзасидан йиғилиш

Чоп этилган: 13.01.2017 Ўқилган: 5206

Жорий йилнинг 10 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси кичик мажлислар залида Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамоат фонди Васийлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси, Васийлик кенгаши раиси О.Юсупов кириш сўзлари билан очиб, иштирокчиларни кун тартибига қўйилган масалалар ҳамда йиғилиш мақсадини маълум қилди.

Кун тартибидаги дастлабки масала юзасидан Жамоат фонди ижрочи директори И.Абдуллаев сўзга чиқиб, жорий йилда Ишлар режасига мувофиқ Жамоат фонди томонидан амалга оширилган ҳисоботини тақдим қилди. И.Абдуллаев ўз ҳисоботида қуйидаги маълумотларни келтириб ўтди: Ўтган 2016 йил - “Соғлом она - соғлом бола” йили муносабати билан ишлаб чиқилган ишлар режасига мувофиқ Жамоат фондининг асосий йўналиш фаолияти юртимиздаги зиёратгоҳларни ободонлаштириш, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги жоме масжид ва диний таълим муассасалари фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш ишларига қаратилди.

Жумладан, Жамоат фонди ҳомийлиги билан Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом ва Шайх Ҳованди Тоҳур мажмуаларида, Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий мажмуасида, Қашқадарё вилоятидаги Муродилла ҳожи жоме масжидида ва Бухоро вилоятидаги Алика хўжа жоме масжидида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Бундай улуғ масканларни обод этиш ва сақлаб туришда Жамоат фондининг ўрни беқиёсдир.

Шунингдек, Жамоат фонди тизимидаги зиёратгоҳ ва мажмуалар томонидан ҳам ўз ҳисобидан кўпгина қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Ўтган йили Жамоат фонди ҳомийлигида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги барча диний таълим муассасалари замонавий компьютер воситалари, ўқув ва ётоқхона жиҳозлари билан таъминланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги жоме масжидларнинг имом – хатиблари ўртасида ташкил этиладиган “Йил имоми – 2016” кўрик танлови якуний босқичи иштирокчилари ва совриндорлари ҳам Жамоат фонди томонидан қимматбаҳо ҳомийлик совғалари билан тақдирланди.

Ўтган йили маҳаллалардаги боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилалаларга, Ногиронлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти, Меҳрибонлик уйлари каби ёрдамга муҳтож ташкилотларга Қурбон ҳайти, Рамазон ҳайти, Наврўз ва Мустақиллик каби умумхалқ байрамлар муносабати билан Жамоат фонди ва унинг тизимидаги зиёратгоҳлар томонидан хайрия ва моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Умумий ҳисобда Жамоат фонди томонидан 2016 йилда амалга оширилган барча хайрия ишлар ҳажми 2015 йилдаги хайрия ишларига нисбатан 1,85 баробарга, яъни 85% га кўпроқ амалга оширилганини кўрсатади.

Юртимиздаги зиёратгоҳ ва қадамжолар тарихи, улар билан боғлиқ алламолар ҳаёти ва ижодини илмий асосланган тарзда ўрганиш, замонавий ахборот воситаларида ягона маълумотлар базаси шакллантириб бориш мақсадида Жамғамамизнинг www.qadamjo.uz  интернет веб-сайти ташкил этилди.

2016 йилда амалга оширилган муҳим ташкилий ишлардан бири, Жамоат фонди Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, 31 августда Жамоат фонди тарзида қайта давлат рўйхатидан ўтказилди ва Адлия вазирлигининг 681п-сон гувоҳномаси берилди. Айни пайтда Жамоат фондининг жойлардаги бешта филиали Низомлари ҳам Жамоат фонди таъсис ҳужжатларига мослаштирилган ҳолда қайта давлат рўйхатидан ўтказилди.

Шунингдек, ўтган йили Жамоат фонди рамзи ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилди ва 2016 йил 10 февралда 309-сон гувоҳнома берилди.

Йиллик ҳисобот маълумот учун қабул қилинди. 

Ҳисобот якунида И.Абдуллаев 2017 йил “Халқ билан мулоқот - инсон манфаатлари йили” муносабати билан Фонд томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган Ишлар режасини ҳамда даромад ва харажатлар сметасини иштирокчилар эътиборига ҳавола қилди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон мусулмонлари идораси У.Алимов сўзга чиқиб, Жамоат фонди томонидан амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолаб, ижрочи директори И. Абдуллаевга самимий тилакларини изҳор этди. Шунингдек, Васийлик кенгаши аъзоси, Тошкент ислом университети ректори Р.Абдуллаев ҳам сўзга чиқиб, Жамоат фонди томонидан амалга оширилаётган ишларнинг юртимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, Фонд ижрочи директорига ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди.

Тақдим қилинган йиллик ҳисобот кенгаш аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланди ва маълумот учун қабул қилинди. Фонд томонидан ишлаб чиқилган келгуси йил ишлар режаси ҳамда Фонднинг даромад ва харажатлар сметаси Васийлик кенгаши тасдиқланди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан қўшимча таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, Васийлик кенгаши

 

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

 

  1. Жамоат фонди томонидан 2016 йилда амалга оширилган ишлар бўйича тақдим қилинган йиллик ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин;
  2. 2017 йил учун ишлаб чиқилган Ишлар режаси, даромад ва харажатлар сметаси Васийлик кенгаши томонидан тасдиқлансин

 

Жамоат фонди мутахассиси И.Аҳмедов