“Албатта, биз она заминимиз бағридаги ҳар бир моддий ва маънавий мерос намунасини кўз қорачиғидек асраб – авайлаш, қайта тиклаш ва таъмирлаш бўйича қилаётган бу ишларимизни кимгадир намойиш қилиш, кўз – кўз этиш учун эмас, аксинча, келажагимизни ўйлаб, онгимиз ва қалбимиз даъвати билан амалга оширмоқдамиз. Токи эртага бизнинг ўрнимизга келадиган, биз бошлаган олижаноб ишларни муносиб давом эттиришга қодир бўлган ёшларимиз ана шу бебаҳо маънавий бойликдан баҳраманд бўлсин, шу асосда ўзининг кимлиги, қандай буюк зотларнинг авлоди эканлигини англаб етсин”.
Ислом КАРИМОВ

Сурхондарёда “Имом Термизий” жоме масжидининг масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди

Чоп этилган: 01.06.2017 Ўқилган: 2485

Куни кеча 31 Май куни Сурхондарё вилояти Шеробод туманида жойлашган Исо ат-Термизий мажмуаси таркибида қад кўтарган “Имом Термизий” жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Бир вақтнинг ўзида беш юз нафар намозхонни ўз бағрига сиғдира оладиган ушбу масжидга бу тун дастлабки таровеҳ намози адо этилди. Масжиднинг очилиши ва таровиҳ намозига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ташриф буюрдилар.

Имом Термизий мажмуасидаги масжиднинг очилишини, бу маросимга муфтий ҳазратларининг ташриф буюрганини эшитган вилоят аҳлининг узоқ қишлоқларда яшайдиган намозхонлари ҳам кела бошлади.

Имонли, эътиқодли одамлар уйларидан иккита олийжаноб ният билан йўлга чиққан: янги масжидда камоли ихлос ила намоз ўқиш; муфтий ҳазратларини зиёрат қилиб, амри маъруфларини тинглаш.  Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Улар яна тунларни Парвардигорга сажда қилган ва тик турган (бедор) ҳолда ўтказадиган кишилардир” (Фурқон сураси, 64-оят), деб таърифлаган мўмин-мусулмонлар айнан шу инсонлардир.