“Албатта, биз она заминимиз бағридаги ҳар бир моддий ва маънавий мерос намунасини кўз қорачиғидек асраб – авайлаш, қайта тиклаш ва таъмирлаш бўйича қилаётган бу ишларимизни кимгадир намойиш қилиш, кўз – кўз этиш учун эмас, аксинча, келажагимизни ўйлаб, онгимиз ва қалбимиз даъвати билан амалга оширмоқдамиз. Токи эртага бизнинг ўрнимизга келадиган, биз бошлаган олижаноб ишларни муносиб давом эттиришга қодир бўлган ёшларимиз ана шу бебаҳо маънавий бойликдан баҳраманд бўлсин, шу асосда ўзининг кимлиги, қандай буюк зотларнинг авлоди эканлигини англаб етсин”.
Ислом КАРИМОВ

Жамғарма ҳақида

Чоп этилган: 22.02.2016 Ўқилган: 2504

“Албатта, биз она заминимиз бағридаги ҳар бир моддий ва маънавий мерос намунасини кўз қорачиғидек асраб – авайлаш, қайта тиклаш ва таъмирлаш бўйича қилаётган бу ишларимизни кимгадир намойиш қилиш, кўз – кўз этиш учун эмас, аксинча, келажагимизни ўйлаб, онгимиз ва қалбимиз даъвати билан амалга оширмоқдамиз. Токи эртага бизнинг ўрнимизга келадиган, биз бошлаган олижаноб ишларни муносиб давом эттиришга қодир бўлган ёшларимиз ана шу бебаҳо маънавий бойликдан баҳраманд бўлсин, шу асосда ўзининг кимлиги, қандай буюк зотларнинг авлоди эканлигини англаб етсин”.

Ислом КАРИМОВ

Аллоҳ таолога ҳамду сано, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!

Дину имон ила обод бўлган юртларга Аллоҳ таолонинг файзу барокоти ёғилади, бундай жойлардан улуғ олиму фозилларни чиқаради ва бу маърифат масканлари атрофга ҳам нур таратади.

Яратганнинг улуғ неъмати – истиқлол шарофати билан динимизга қайтиш, эътиқодимизни мустаҳкамлашга бўлган эътибор ортиб, қисқа вақт ичида, саноқлигина масжид ва мадрасалар ўрнида икки мингдан ортиқ жоме масжидлар ва ўнлаб диний таълим муассасалари қад ростлади. Кўплаб диний – тарихий обидалар, зиёратгоҳлар ва табаррук қадамжолар қайта ободонлаштирилиб, халқимиз ихтиёрига топширилди. Ислом оламининг беназир намояндалари, жаҳон тафаккури хазинаси ва муқаддас динимиз ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий, Термизий, Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрори Валий каби буюк аждодларимиз номлари қайта тикланиб, улар қолдириб кетган маънавий – маърифий меросларини халқимизга, айниқса ёшларга танитиш ва улардан баҳраманд бўлиш бахтига сазовор бўлдик.

Жаҳон саҳнасида рўй бераётган жараёнлар, ўзгаришлар ва глобал тараққиёт ижтимоий-маънавий соҳада ҳам кўплаб ислоҳотларнинг амалга оширилишини тақозо этади. Бу борада юртимизда қатор давлат қонунлари, қарор ва фармойишлар қабул қилиниб, ҳаётимизда ўз ифодасини топиб келмоқда. Бунинг яққол намунаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 7 августдаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги 938 – сонли қарорини кўришимиз мумкин.

Мазкур қарор ҳамда Васийлар кенгашининг 2008 йил 18 августдаги қарори ижроси юзасидан Она диёримизда қўним топган азиз авлиёлару буюк алломалар номлари билан боғлиқ қутлуғ зиёратгоҳ ва қадамжоларни талаб даражасида сақлаш ва ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини такомиллаштириш ишларини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси ташкил этилди.

Жамғарма муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни обод этиш ва уларнинг инфратузилмасини замон талаблари даражасига кўтариш билан бир қаторда, улуғ аждодларимизнинг ибратли ҳаётлари ҳамда бой маънавий меъросини асраб авайлаш, уни халқимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлоднинг онги ва шуурига янада чуқур сингдириш, асрлар давомида шаклланиб, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган умумбашарий ва миллий урф-одатларимизнинг авлоддан авлодга ўтишини таъминлаш каби эзгу ишларни амалга ошириш асосий тамойил сифатида белгилаб олинган.

Бундай хайрлик ишларга муносиб ҳисса қўшиш ҳар бир юртимиз фарзанди зиммасидаги шарафли вазифадир. Зеро, бу табаррук жойларнинг бугун нафақат юртимиз аҳли, балки чет элликларнинг ҳам соғиниб зиёрат қиладиган даргоҳларга, файзли масканларга айланиши қалбимизда ифтихор туйғуларини уйғотади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги

Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш

хайрия жамғармаси Ижрочи директори                                                              Исахон Абдуллаев