ЯХШИЛИК ҚИЛИНГ, АЛБАТТА,
АЛЛОҲ ЯХШИЛИК ҚИЛУВЧИЛАРНИ ХУШ КЎРАДИ
«Вақф» хайрия жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416-сон Фармонига мувофиқ ташкил этилган бўлиб у ўз олдига масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишларни мақсад қилиб қўйган.

ЎМИ Хайрия жамғармаси тизимидаги зиёратгоҳлар учун ягона зиёрат одоблари ишлаб чиқилди

Чоп этилган: 02.06.2016 Ўқилган: 5365

Муҳтарам зиёратчилар!

 Зиёратгоҳ (мажмуа, қадамжо, қабристон)ларни зиёрат қилиш пайтида қуйидаги  одоб ва тартиб-қоидаларга риоя қилишингизни сўраймиз: 

  1. Зиёратгоҳга холис Аллоҳ учун зиёратни ният қилиб, маънан ва жисмонан (имкон даражасида таҳоратли) покланган ҳолда борилади. Зиёратчи бундай жойларда қисқа бўлса ҳам дунё ташвишларини тарк этиб, охират ҳақида тафаккур қилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
  2. Одатда зиёратгоҳ ҳудудига қабр аҳлига салом берган ҳолда кирилади. Кейин белгиланган ўрин ёки қабрларни босмайдиган жойларда ўтириб Қуръони карим тиловат қилинади, савоби марҳумлар ҳақига бағишланади ва дуолар қилинади.
  3. Зиёратгоҳга эркак ва аёллар алоҳида-алоҳида тартиб ва навбат билан киришлари лозим. Аёллар имкон даражасида сипо кийинган бўлиши, аврат жойлари, жумладан, боши, кўкраги, оёқ ва қўллари ёпинчиқлар билан тўсилган ҳолатда бўлиши, шунингдек, кийимлари ўзгалар эътиборини жалб этувчи бўлмаслиги мақсадга мувофиқдир.
  4. Зиёрат вақтида қабр тошларини ўпиш, уларни силаб юз-кўзга суртиш, қабр атрофини айланиб тавоф қилиш, у ерда шам ёқиш, бирор мақсадни кўзлаган ҳолда зиёратгоҳ ҳудудидаги дарахт ёки ёғочларга латта парчаларини боғлаш, мақбара, қабр ва меъморий ишноотларнинг деворларига турли хил ёзув ёки ният сўзларини ёзиш қатъиян ман этилади. Бундай ҳаракатлар ширк ва гуноҳ амаллар ҳисобланади ва Аллоҳ таоло ширк амалларни кечирмайди.
  5. Зиёратгоҳда қабрлар ёнида суратга тушиш, қабрларни босиш, уларнинг устига ўтириш, бу жойларда баланд овозда гапириш, кулиш, шовқин солиш ёки бошқаларга салбий таъсир кўрсатувчи ножўя ҳаракатларни қилиш асло мумкин эмас.
  6. Зиёратгоҳни озода сақлаш керак. Мақбара ёки қабрлар атрофида таом пишириш, тановул қилиш, мусиқа эшитиш, ухлаб дам олиш, спиртли ичимликлар ичиш ва тамаки маҳсулотларини чекиш қатиъян ман этилади.
  7. Зиёрат қилинаётган муҳтарам зот ёки қабр аҳллари Аллоҳнинг бандаларидан бири. Ундан бирор мадад ёки нажот сўраш, унга атаб жонлиқ сўйиш катта гуноҳ ва ширк амаллари ҳисобланади. Бундай амаллар зиёрат қилишдан кутилаётган савобларни кетказади. Жонлиқни Аллоҳга атаб сўйилади ва савоби марҳумлар ва қабристонда дафн этилган азизларга бахшида этилади.
  8. Қабр устига пул сочиш мумкин эмас. Эҳсон ва садақа пулларини махсус хайрия қутиларига ташлаш талаб этилади.
  9. Зиёрат амалларини тугатгандан кейин сокин ва вазмин ҳолатда зиёратгоҳдан чиқиб кетилади. Чиқиш вақтида қабрга таъзим қилинмайди.
  10. Муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар Она Ватанимиз кўрки, миллий маънавият, маданият ва қадриятларимизнинг ноёб дурдоналаридир. Шунинг учун бундай табаррук масканларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ва келажак авлодларга муносиб етказиш ҳар бир фуқаронинг бурч ва вазифасидир.

 

 Аллоҳ таоло зиёратингизни қабул, муродингизни ҳосил қилсин!