ЯХШИЛИК ҚИЛИНГ, АЛБАТТА,
АЛЛОҲ ЯХШИЛИК ҚИЛУВЧИЛАРНИ ХУШ КЎРАДИ
«Вақф» хайрия жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416-сон Фармонига мувофиқ ташкил этилган бўлиб у ўз олдига масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишларни мақсад қилиб қўйган.

Қирғизистон Республикасининг бир гуруҳ имомлари билан Диний идорада учрашув

Чоп этилган: 26.03.2018 Ўқилган: 2747

Жорий йилнинг 25 март куни Қирғистон мусулмонлари идорасининг Ўш шаҳар вакили ўринбосари Тошхўжаев Анасхон Жалалиддинович бошчилигидаги 11 кишидан иборат делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасини ҳамда Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилишди. Делегация аъзоларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими Бош мутахассиси Илёс Ахмедов ҳамда Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамоат фонди Бош мутахассиси Икром Ахмедовлар кутиб олишди. Делегация аъзоларига юртимиздаги диний ҳолат ҳамда соҳада олиб борилётган ислоҳотлар ва эришилаётган ютуқлар тўғрисида маълумот берилди. Меҳмонлар ҳам бундай ўзгаришларга ўз кўзлари билан кўриб гувоҳ бўлаётганликларини, қирғиз халқининг юртимизни зиёрат қилишга бўлган қизиқишлари ниҳоятда юқори эканлигини ва бу борада диний ташкилотларга кўплаб мурожаатлар келиб тушаётганлигини, келгусида зиёрат туризм соҳасида алоқаларни кенг йўлга қўйиш мақсадида Ўш шаҳрида йирик масжидларнинг имом-хатиблар билан биргаликда Тошкент, Самарқанд ва Бухородаги қадамжо ва зиёратгоҳларни зиёрат қилишга келганлигини маълум қилди. Шунингдек, меҳмонлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятига, Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармасига хусусан муфтий У. Алимов ҳазратларига шахсан шундай ўзаро самимий учрашувлар ташкил этиб, юртимизни зиёрат қилишлари учун кўрсатаётган амалий ёрдамлари учун алоҳида миннатдорчилигини изҳор этди. Учрашув якунида барча меҳмонларга муфтий У. Алимовнинг "Ҳазрати Имом мажмуаси" китоби ҳадя тариқасида берилди. Шундан сўнг Қирғистоннинг диний соҳа вакиллари Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилишди. Маълумот учун Қирғистон делегацияси эртага Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги зиёратгоҳ ва қадамжоларга ҳам ташриф буюришади.