Абу Абдулло ал-Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳи (Видео)

Чоп этилган: 25.07.2016 Ўқилган: 582

Видеода ал-Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳи ҳақида сўз юритилмоқда

 

АЛ-ҲАКИМ АТ-ТЕРМИЗИЙ Абу Абдуллоҳ Муҳаммад бин Али ал-Ҳаким ат-Термизий «машойихи бибиорлардан» (Навоий) ҳисобланади. Алишер Навоий «Насойимул муҳаббат» асарида Али Ҳаким Термизий ҳакида анча батафсил маълумот бериб, ботиний ва зоҳирий билимларга доир кўп китоб езгани, Абутуроб Нахшабий, Ахмад Хазравия ва Бин Жалолар билан ҳамсуҳбат бўлганини алоҳида қайд этган. Али Ҳаким ат-Термизий таҳминан 750-760 йиллар орасида таваллуд топган. Алломанинг ёшлик йиллари ҳақида аниқ маълумот йўқ. Онасидан 8 ёшида етим қолган Ҳаким Термизийнинг тарбияси билан отаси жиддий шуғулланади ва ботиний ҳамда зоҳирий билимларни ўргатади. Ҳадис илмини Абу Муҳаммад Сиддиқ Солиҳ бин Муҳаммад бин Наср ат-Термизий, Солиҳ бин Абдуллоҳ ат-Термизийлардан ўрганади. Бундан ташқари у Али бин ал-Ҳасан ат-Термизий, Суфиён бин Вокиъ, Умар бин Шафиқ ал-Балхий, Аҳмад Хазравия, Яхё Маоз, Яқуб бин Шайба сингари машҳур олимлардан ҳам дарё олган. Ҳаж сафари даврида Ҳаким ат-Термизий Нишопур, Бағдод, Миср, Макка ва Мадинада, Шомда бўлиб, замонасидаги барча илмий ва адабий жараёнлар билан ошно бўлади. Ўз ватанига қайтгач, баъзи мухолифларнинг иғво ҳамда туҳматларига қарамай, муттасил ижод билан шуғулланади. Аллома 869 йил вафот этган. Унинг мақбараси дарё соҳилида жойлашган. Ҳаким ат-Термизий Абу Муҳаммад Мансур Қозий, Абу Мансур Али Хиравий, Абу Али Ҳасан Журжоний, Абубакр Варроқ, Аҳмад бин Муҳаммад бин Исо, Муҳаммад бин Жафар сингари ўнлаб буюк шахсларнинг устозидир. Алломадан бизга қадар «Китоб-ул-эхтиётот одамия», «Китоб ул-акд ва ҳаво», «Баен ул-касб», «Адаб ун-нафс», «Китоб ул-фуруқ» сингари элликдан зиёд асарлар мерос бўлиб қолган. Алишер Навоий олимнинг қаламига мансуб Қуръоннинг тугалланмаган тафсири мавжудлигини ҳам қайд этган.