Паҳлавон Маҳмуд мақбараси (Видео)

Чоп этилган: 11.08.2016 Ўқилган: 2749

Видеода Паҳлавон Маҳмуд мақбараси ҳақида сўз юритилмоқда

Паҳлавон Маҳмуд мақбара мажмуаси мовий гумбазли хонақоҳ, мақбара ва зиёратхонадан иборат. Хонақоҳ пештоқининг юзаси ғиштин, гумбази мовийранг сиркор кошинлар билан безатилган; ичкариси ҳам то гумбаз қуббачасигача мовий ранг билан жуда нафис ишланган. Безак гуллар орасидаги китобатлар Паҳлавон Маҳмуд рубоийларидан иборат. Зиёратхонада Паҳлавон Маҳмуднинг нафис безакли сағанаси бор. Сағана атрофида Хива хонларининг қабрлари жойлашган.

Хива обидаларининг энг муҳташами Паҳлавон Маҳмуд мақбарасидир. У 1701 йилда қурилган.

Паҳлавон Маҳмуд 645 ҳижрий (милодий 1247) йили туғилиб, 726 ҳижрий (милодий 1326) йили вафот этган. Уни Хоразмда «Пирёрвалий», «Полвонпир» деб ҳам аташади. Машҳур тазкира «Оташкадаи Озарий», турк олими Шамсиддин Сомибекнинг «Қомус ул-аълом» китобларида Паҳлавон Маҳмуд ҳақида мухтасар маълумот берилиб, унинг тасаввуф тариқати намояндаси, футувват, яъни жавонмардликни пеша қилган валий, паҳлавон ва шоир бўлганлиги зикр қилинади.

Паҳлавон Маҳмуд асли кўҳна шоирликдан ташқари, пўстиндўзлик, телпакдўзлик билан шуғулланган. Полвонликда донг таратган.

Фалсафий теран рубоийларида шоир дунё ва инсон, ҳаёт ва коинотнинг моҳияти тўғрисида фикр юритади. Эзгулик, ишқ, маърифат ва маънавиятни улуғлайди. Нодонлик ва жаҳолат, риёкорликни танқид остига олади.

Унинг «Канз ул-ҳақойиқ» (Ҳикматлар хазинаси) номли маснавий яратгани ҳақида маълумотлар бор.