Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуаси (фотожамланма)

Чоп этилган: 24.02.2016 Ўқилган: 2708

Хастимом даҳасида жуда қисқа муддатда, олти ой давомида катта қурилиш – таъмирлаш ишлари қилингани ва натижада муҳташам Ҳазрати Имом мажмуаси бунёд бўлгани ҳам бу олий мақом бежиз берилмаганини, Тошкент ва тошкентликлар бу шарафга муносиб эканини кўрсатиб турибди.

Мажмуани обод қилишда унинг таркибидаги кўҳна ёдгорликларнинг барчасини асл ҳолида қайта тиклашга алоҳида эътибор қаратилиб, янги барпо этилган Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ҳазрати Имом жоме масжиди, икки улкан минора, “Истиқлол” маҳалла гузари ва бошқа иншоотлар шу тарихий биноларга ҳар томонлама уйғун ҳолда, шарқона меъморий услуб ва замонавий шарт шароитларга эга ҳолда барпо этилди.

Юртбошимиз ташаббуси билан тўрт ой муддатда бунёд бўлган Ҳазрати Имом жоме масжиди Қорасарой кўчасининг Хастимом даҳаси ҳудудида, Эски Жўва бозори томонидан келишда йўлнинг ғарб тарафида жойлашган. У икки минорали қўш гумбазли улкан иншоотдир. Жоме масжид нафақат пойтахтимизда, балки юртимиздаги энг катта масжидлардан бири ҳисобланади. Унда бир пайтда айвони билан қўшиб ҳисобланса, беш мингдан ортиқ киши намоз ўқий олади.

Хонақоҳнинг узунлиги 77 метр, эни эса 22 метр, меҳроби билан қўшиб ҳисобланса, 24 метр келади. Қанотлари ҳам бўйига 35, энига 25 метр катталикда. Эътиборли жиҳати шундаки, масжиднинг шундай катта хонақоҳи устунсиз кўтарилган.

 

Масжиднинг икки томонида осмонга бўй чўзган минораларнинг баландлиги 57 метр. Ўнг минора хоразмлик усталар, чап минора эса самарқандлик усталар томонидан барпо этилди. Минораларнинг бири 26 кунда, иккинчиси 28 кунда қуриб битказилди. Бу миноралар алоҳида мактабларга эга минорасозларнинг мумтоз услублари уйғунлашган ҳолда тикланди.

 

Баъзи маълумотларга кўра, Қаффол Шоший вафоти даврида ҳозирги мақбарага ўхшаш қурилмани қорахонийлар ғиштдан тиклашган. Мўғуллар истеълоси даврида вайронага айланган мақбарани Соҳибқирон Амир Темур XIV асрда қайтадан бунёд этган. Ҳозирги ёдгорликнинг замин қисмлари X-XI асрларга, юқори қисми эса XIV-XVI асрларга хос бўлиб, Самарқанд услубида қурилган.

 

Бароқхон мадрасаси 1502-1770 йиллар оралигида босқичма-босқич қурилган, кейин яхлит бир иморат шаклини олган. Қадимшунослар асосан уч босқичда қурилганини аниқлашган. Бинонинг биринчи бўлаги бош пештоқнинг чап тарафидаги номаълум мақбарадир. Услуби самарқандча, XIV аср иккинчи ярмида тикланган. Иккинчи бўлаги 1531-1532 йиллари қуриб битказилган. Гумбази «Бароқхон» ёки «Кўк Гумбаз» деб аталган, Суюнчхўжанинг тўнғич ўғли Муҳаммад отаси учун солдирган мақбара. Бухоро меъморлиги услубида. Икки мақбара ораси XVII аср ўрталаригача мозор бўлган. Сўнгра қандайдир сабабларга кўра мозор бузилиб, тимли айвон билан икки мақбара уланган. Тимлар бир қаватлик бўлиб, анъанавий гумбазлар билан ёпилган.

 

Янги жоменинг шимоли-ғарб тарафида мўъжазгина бир тарихий бино қад ростлаган. Унинг кунчиқарида кичикроқ, кунботарида каттароқ ўймакор ёғоч эшикларию мажмуанинг бошқа гумбазларига ўхшамас ҳаворанг гумбази бор. У - Мўйи Муборак мадрасаси. Мадраса илк бор XV асрда Бароқхон мадрасасининг қаршисида қурилган эди. Айтишларича, Хожа Ахрор Валий то Самарқандга кетгунича, бу ерда бир муддат талабаларга дарс ҳам берган. Бироқ у мадраса бузилиб кетган.

 

2007 йилда Мўйи Муборак мадрасаси қайта таъмирланиб, машҳур Мусхафи Усмон музей – кутубхонасига айлантирилди. Халифа Усмон (розияллоҳу анҳу) ушбу Мусҳафни ўқиб ўтирган пайтларида шаҳид этилганлар. У кишининг муборак қон доғлари Китоб саҳифаларида сақланиб қолган. 

 

Тилла Шайх масжиди Мўйи Муборак мадрасасининг ғарбида, шундоқ олдида жойлашган.

Тилла Шайх масжиди ўртача катталикда - эни 14 метр, бўйи 17,3 метрдир. Икки бурчагида иккита бир хил кичкина минорачалар, ўртасида буларга қараганда каттароқ минора жойлашган. Анъанавий меъморчиликда янгилик тариқасида пойдевор 0,85 метрга кўтарилган. Кираверишда тўртбурчак пишиқ ғиштдан қурилган айвонча бор. Масжид ичи тўрт бўлакка бўлингани хонақоҳни баландроқ кўрсатади.

Намозгоҳ масжиди ҳам Ҳазрати Имом мажмуаси таркибига киради. Қаффол Шоший мақбарасидан кирқ метрлар шимоли-шаркда жойлашган. Мутахассислар фикрича, Намозгох, масжиди 1845-1865 йиллари Қўқон хони Худоёрхон даврида қурилган. Унда асосан жума ва ҳайит намозлари адо қилинар эди. Кундалик беш вақт намоз эса Мозорихон, Зарқайнар, Ёв, Ҳалимкўп каби эски маҳаллалардаги кичик масжидларда ўқилган.