Абу Ҳафс Кабир ал-Бухорий (Имом Ҳожатбарор) (767-832)

Чоп этилган: 21.09.2016 Ўқилган: 1389

Абу Ҳафс Кабир ал-Бухорий

Қол ва ҳол илмларида улуғ мартабага эришган Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс аз-Зиракон Абдуллоҳ ал-Бухорий милодий 767 йилда Бухорода туғилганлар. Ўз исмлари Саййид Аҳмад.

Юксак илми туфайли "Кабир" (Буюк), соҳиби каромат сифатлари сабаб "Ҳожатбарор" дея эъзозланган.

Хожа Абу Ҳафс Кабир шарофатларидан Бухорои шариф "Қуббатул ислом" унвонига эришган. 

Устозлари бағдодлик аллома Имом Муҳаммад Ҳасан Шайбоний ҳисобланади. Абу Тоҳирхожанинг "Самария" китобида бу сулола Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собитдан бошлаб Ҳазрати Пайғамбаримиз с.а.в.гача туташгани асослаб берилган. (40-бет)

Тарихчи Наршахий Бухородаги қадим "Дари Ҳақраҳ" дарвозаси ҳақида сўз юритиб, хожа имом Абу Ҳафс Кабир ўша маҳаллада турганлигини ... Бу вилоятда (Бухоро) унга тенг киши бўлмаганлигини, ҳам олим, ҳам зоҳид сифатлари ҳурматидан "Қуббатул Ислом деб аталгани ва хусусан: "Бухоро аҳлининг илмли бўлишига, Бухорода илм кенг тарқалиши, имом ва уламоларнинг ҳурматли бўлишига у киши сабаб бўлган" деб таъкидлайдилар. 

Хожа имом Абу Ҳафс бир кеча-кундузда Қуръони Каримни икки марта хатм қилар ва толибларга илм ўргатар эканлар. Кексайган чоғларида кунига бир маротаба, умрлари охирида ярмини хатм қилганлар. Етти ёшларида Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаганлар. 

Ҳазрат Абу Ҳафс Кабир 832 милодий йилда Бухорода оламдан ўтганлар.

Қабрлари ҳурмат ила зиёрат этилади. Ҳужралар, ҳовуз, минора ва бошқа обидалар ораста таъмирланиб, бир боғ ҳам барпо этилган ҳамда улкан хайрли ишлар амалга оширилган.