Қўш мадраса мажмуи

Чоп этилган: 16.11.2016 Ўқилган: 687

Қўш мадраса – бир-бирига қарама-қарши жойлашган Модари Абдуллахон (Абдуллахон онаси) ва Абдуллахон мадрасаларидир. Гумбаз ва деворларида сақланган ёзувларга кўра, Модари Абдуллахон мадрасаси Абдуллахон томонидан онасига атаб 1566–1567 йиллари XVI асрнинг бошига оид Бухоро меъморлиги услубида барпо этилган. Бироқ, 1588–1590 йиллари қурилган Абдуллахон мадрасасида умуман янги ва ўзига хос услуб кўзга ташланади. Мадрасалар қурилиши орасидаги фарқ чорак асрга тенг бўлиб, айнан шу 25 йил ичида Бухоро архитектурасида кучли ривожланиш бўлган. Оддий услубда қурилган Модари Абдуллахон мадрасаси билан улкан миноралар, сервиқор гумбаз ва нозик тасвирлар билан безалган Абдуллахон мадрасаси орасидаги фарқни айнан шу ривожланиш билан изоҳлаш мумкин.

Агар тарихга мурожаат этадиган бўлсак, Абдуллахон даврида давлатнинг фақат сиёсий эмас, балки иқтисодий ҳаётида ҳам ҳал қилувчи мавқе эгаллай бошлаган жўйбор шайхлари мамлакатни марказлаштириш сиёсатининг тарафдори бўлдилар. Бухоро ҳунармандлари ва савдо аҳли ҳам осуда ҳаётдан беҳад манфаатдор эдилар. Муҳаммад Юсуф Мунший маълумотига кўра, Абдуллохон мадрасалар, масжидлар, дарвишлар хонақоси, дарёлар устига кўприклар, савдо йўлларида мустаҳкамланган карвонсаройлар ва бошқа бинолар қурилишида беҳад матонат кўрсатибгина қолмай, балки ҳаётининг сўнгги йилларида ҳам Бухоронинг иқтисодий ривожланишига, хонликдаги ички аҳволга алоҳида эътибор бериб, кўп ислоҳотлар ўтказган.