Мулло Бозор Охунд мақбараси

Чоп этилган: 23.11.2016 Ўқилган: 474

Наманган шаҳрининг Курашхона даҳасидаги Мулло Бозор Охунд мақбараси муқаддас зиёратгоҳ бўлган. У қатағон қирғини йилларида бузиб ташланган.

Мулло Бозор Охунд Наманган ҳудудидан етишиб чиққан улуғ донишманд ва мутафаккир, мударрис ва мураббий, илоҳиёт илмининг билимдони ва тасаввуф аҳлининг пири-муршидларидан бири эди. У оташнафас шоир Бобораҳим Машрабнинг устози бўлган.

Мулло Бозор Охунд XVII асрнинг биринчи ярмида дунёга келган. Бошланғич таълимни уйида олиб, кейин мадрасада ўқиган. Илмга ташналик уни Туркистоннинг илму фан маркази Бухорога олиб боради.

Бухорода донишманд олим Мирзо Баҳодир Бухорийдан таълим олгач, Шарқ мамлакатларига саёҳат қилади.

Қашқарнинг Хўтан, Ёркент ва бошқа шаҳарларида бўлиб, катта обрў қозонади. Асли косонлик Султон Саид Жалолиддин авлодларидан бўлмиш машҳур Ҳидоятиллоҳ Офоқ хожа билан танишиб, бир неча муддат у кишининг ҳузурида туради. Сўнг Қашқардан Бухоро, Қўқон ва Наманганга келиб, шу ердаги Лаббай Тоға даҳасидаги мадрасада мударрислик ва масжидда имомлик қилади.

Мулло Бозор Охунд фиқҳ, ҳадис, фароиз, жўғрофия, илми ҳисоб, тарих, адабиёт, руҳшунослик ва бошқа илмларни яхши эгаллаган йирик олим эди. У араб, форс, туркий тилларда ижод қилган.

1645–1655 йиллар орасида Бобораҳим Машрабга илк сабоқ берган ва унинг шоир бўлиб етишишига улкан ҳисса қўшган устоз эди. Машраб ғазалларида устозини камоли эҳтиром билан тилга олади.

Ул табаррук зот валий сифатида ўз каромат ва башоратлари билан шуҳрат топган. У ҳақда «Тазкираи азизон», «Тазкираи Роқим» асарларида қимматли маълумотлар бор.

Мулло Бозор Охунд ижодига мансуб асарлар, афсуски, йўқолиб кетган. Аммо айрим қўлёзмаларда унинг ҳикматлари, форс тилида битилган рубоий ва шеърий парчалари топилмоқда. Аллома юз йилдан ортиқ умр кўриб, 1730 йили Наманганда вафот этган.

Мустақиллик туфайли у зотнинг мақбараси зиёратгоҳга айлантирилди.