Султон Увайс бобо мақбараси

Чоп этилган: 27.04.2016 Ўқилган: 1796

Беруний туманининг Қоратоғ даҳасидаги бу тарихий-меъморий обида ислом оламида ўзига хос ўрин тутади. Султон Увайс обидаси текис харсангтошлардан терилган асосга бунёд этилган. Девор билан асос ўртасига уч қатор қилиб бордон жойлаштирилганки, у деворларни нурашдан ҳимоя қилади. Деворлари пишиқ ғиштдан.

Тўғри бурчакли бино масжид хонақоси бўлиб, у хочсимон шаклга эга. Шунга кўра, бутун деворлар бўйлаб токчасимон шакл пайдо бўлган. Жануб томонда билинар-билинмас меҳроб бор. Унинг орқа томонида ошхона, кетидан айвон, меҳмонхона жойлашган. Масжиднинг жануби-шарқий бурчаги бўйлаб йўлак ҳосил бўлиб, у меҳмонхонага олиб боради…

Султон Увайс – асл номи Суҳайл бин Омир бин Румон бин Ноҳия бин Қаран бин Мурод. У Яман мамлакатининг Қаран қишлоғи муродий қабиласида милоднинг 625 йили туғилган. 659 йили (37 ҳижрий йилнинг 17 шаввол куни) Ҳазрати Али Форс мамлакатига исломни ёйиш учун қилган юришда Сиффин жангида 40 ёшида шаҳид бўлган.

 

Увайс Қараний номи билан машҳур бўлган Суҳайл бин Омир Муҳаммад (с.а.в.) ҳаёт вақтида дунёга келган. Пайғамбар (с.а.в.) умматнинг сарвари, авлиёлар султони Увайснинг таваллуди ҳақида хабар берган. Лекин у Пайғамбар билан дийдор кўриша олмаган. Ривоятларда Расулуллоҳ билан кўриша олмаганликларига иккита сабаб келтирилади. Биринчиси, ҳол ғалабасидан, яъни кўзи ожиз (кўр) онаси бўлиб, уни уйда ёлғиз қолдириб кела олмаган. Иккинчиси – шариат амрини тутиб, оналик ҳаққини адо этган. Расулуллоҳнинг васиятларига кўра, қолдирган табаррук хирқалари чоҳорёрлар тарафидан Султон Увайсга топширилганлиги тўғрисида ривоят бор.

Оллоқулихон Петербург сафаридан қайтиб келаётганда ўша жойда тунайди. Султон Увайс унинг тушига кириб хон бўлиши ҳақида башорат қилади. Оллоқулихон шайхга таъзим бажо айлаб, унинг шаънига катта масжид ва алоҳида ўнта чиллахона қурдиради.

У кишининг мақбараси турли даврларда таъмирланган ёки бузиб янгидан қурилган: 998 милодий йили Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ томонидан қурилган. Чингиз истилоси даврида хароб бўлган. 1805–1806 йили Хива хони Элтўзархон қайта қурдирган ва учинчи маротаба 1837–39 йиллари Хива хони Оллоқулихон қурдирган. Мустақилликнинг илк йилларида мақбара қайта таъмирланиб, ўз ҳолига келтирилган.