Ҳазрати Дониёл (а.с.)

Чоп этилган: 20.09.2016 Ўқилган: 1942

Ҳазрати Дониёл (а.с.) (милоддан аввалги 600 йиллар)

Ҳазрати Дониёл (Донил) - тарихий шахс. Бани Исроил (Яҳудий) миллатига мансуб пайғамбарлардан биридир. 

Тарихий манбаларда ва шахси билан боғлиқ қайдларда Самарқанддаги қабри тилга олинади. 

Абу Тоҳирхожа (1874 йилда вафот этган), Садриддин Айний, Бўрибой Аҳмедов каби алломалар Ҳазрати Дониёлнинг қабрини Мосул (Сивас)да деб ёзади.

Самарқанддаги Хожа Дониёлга нисбат бериладиган қабр Сияҳоб ариғининг ёқасида, Тошкент - Самарқанд шоҳйўлидан ўнгда жойлашган. Қабрнинг узунлиги 18 метр. Ёпиқ бино ичида жойлашган. Ёнида асрлар юзини кўрган, қуриб қолган бир дарахт бор. Гоҳи йиллари барг ёзиши кузатилган экан. Қабр қияликда жойлашган. Қуйисида шифобаҳш Авлиё Дониёл булоғи бор. Дардманлар шу сувдан истеъмол қилиб, шифо топадилар. Ҳазрати Дониёл ва узотнинг қабри билан боғлиқ ривоятлар халқ тилида сақланиб қолган. Айтишларича, Соҳибқирон Амир Темур Эрон заминига қилган юришларида кўп жойни осонлик билан ўзига бўйсундиради. Навбат Мосул ("Самария"да Мўсил)га келганида кўп машаққат чекишга тўғри келади. Бунинг сабаби Амир Темурни қизиқтирганида, унга "Бу ерда Ҳазрати Пайғамбар Дониёлнинг қабри бор. Унинг руҳий мадади бу элни ҳимоя қилади", дейишади. Шу ҳикоя сабабидан Соҳибқиронда у зотга катта ихлос уйғониб, бировларнинг нақли бўйича жасадини, баъзиларнинг айтишича, тупроғини юклаб Самарқандга жўнаттиради ва туя қаерга чўкса, ўша жой қабри бўлишини айтади. Туя Сияҳоб ариғи ёнига чўкади ва қабри шу ерда бўлади.

Нажмиддин Умарнинг "Қандия" асаридаги талқин воқеликларни Амир Темур давридан олисларга бошлаб кетади: "Хожа Абду Дарун (8 аср) дегандилар, пайғамбарлардан бирлари Жайҳун (Амударё) дарёсини кечиб Самарқандга келиб қолганлар. Халқни динга даъват қилиб, шу ерда вафот этган. Ул пайғамбарнинг номлари Дониёл (алайҳиссалом)дир. Ва мен касбу ҳолимни Дониёл (а.с.)нинг руҳи пурфутуҳларидан олганман. Ҳар ким муроди бўлса, жума кунлари Ҳазрати Дониёл (а.с.)нинг файзли мозорларини зиёрат қилса, Худойи таолодан не талаби бўлса, вожиб бўлғай" (42-бет)...

Юқоридаги баёнларга қўшимча тариқасида "Самария"дан иқтибос келтиришни ҳам лозим топдик: "...дерларким, у (Дониёл) Аббос ўғли Ҳазрати Қусамнинг (Шоҳизинда), Тангри ундан рози бўлсин, ёронларидан эди ва шу ерда кўмилгандир". (45-бет)

Валлоҳу аълам.

Шу нарсани айтиб ўтмоқ зарурки, бу қабрни уч дин вакиллари - яҳудийлар, христианлар ва мусулмонлар азизлаб, муқаддас билиб зиёрат этади.

Манба: "Туронзамин азиз авлиёлари ва уламолари тазкираси", муаллиф Суюндик Мустафо Нуратоий, Муҳиддин Аблаев, "Sano-standart" нашриёти, Тошкент-2015 йил.