Занги ота ёдгорлик мажмуаси

Чоп этилган: 26.12.2016 Ўқилган: 1237

Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган Зангиота зиёратгоҳи тубдан қайта реконструкция қилиниб, бугунги кунда унинг ўрнида ажойиб комплекс бунёд этилди. Эътиборли томони амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари нафақат зиёратгоҳнинг ўзида, балки унинг ён-атрофида ҳам бир хилда давом эттирилмоқда. Яъни зиёратгоҳ баҳонасида ўша ҳудуддаги инфраструктура янгиланмоқда. Сергели туманидаги “Ўзгариш” мавзесидан Янгийўл туманига борадиган катта автомобиль йўли қайта таъмирланди, йўл кенгайтирилди, кўча ўртасига замонавий ёритгичлар ўрнатилмоқда. Шунингдек, Зангиота зиёратгоҳи атрофида меҳмонхона, деҳқон бозори, супермаркет, нонвойхона, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектлари қурилди ва яна бир қанча шунга ўхшаш объектлар қурилиши давом этмоқда. Бир сўз билан айтганда, комплекс равишда бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани таҳсинга сазовор.

Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20-сентябрдаги 259-сонли қарори билан тасдиқланган "2013-2015 йиллар даврида Тошкент вилотида туризм соҳасини ривожлантириш дастури" доирасида Занги ота мажмуасини қайта таъмирлаш, ободонлаштириш ва инфратузилма тизимларини яратиш бўйича бош режа ишлаб чиқилди. Мазкур режага кўра мажмуада улкан таъмирлаш ишлари амалга оширилди.