Тилла Шайх масжиди

Чоп этилган: 24.02.2016 Ўқилган: 2107

Тилла Шайх масжиди Мўйи Муборак мадрасасининг ғарбида, шундоқ олдида жойлашган.

Рус олими М. Массон Ўзбекистон Фанлар академияси хабарномасининг 1954 йилги сонида чоп этилган “Прошлое Ташкента” асарида: “Ушбу масжид биноси бир неча маротаба бир жойда янгиланган”, деб хабар беради.

Охирги маротаба масжид 1902 йили қайта қурилган.

Асл исмлари Азимбой бўлган Тилла Шайх ота 1855 йили Тошкентда дунёга келади. Унинг топган даромади, мол – дунёси чорва ва савдо – сотиқ орқасидан бўлади. Тилла Шайх ота ўз даврида меҳр – муруввати, саҳоватпешалиги билан халқ ичида ҳурмат қозонган.

Тилла Шайх ота: “Агар ўғил кўрсам, шаҳарда учта масжид қуриб бераман”, деб сўз берган экан. Ўғил туғилганидан сўнг Хастимом маҳалласида учта масжиднинг қурилишига ҳомийлик қилган. Улар ичида Тилла Шайх масжиди ҳам бўлган.

Тилла Шайх масжиди ўртача катталикда - эни 14 метр, бўйи 17,3 метрдир. Икки бурчагида иккита бир хил кичкина минорачалар, ўртасида буларга қараганда каттароқ минора жойлашган. Анъанавий меъморчиликда янгилик тариқасида пойдевор 0,85 метрга кўтарилган. Кираверишда тўртбурчак пишиқ ғиштдан қурилган айвонча бор. Масжид ичи тўрт бўлакка бўлингани хонақоҳни баландроқ кўрсатади.

Тахминан 1930 йиллардан кейин масжид ёпилиб, артелга (касб-ҳунар эгалари бирлашмаси) айлантирилган. 1943 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратини ташкил этишга рухсат берилганида фаолиятини қайтадан бошлаган биринчи масжидлар қатори Тилла Шайх масжиди ҳам очилди. 1972-1973 йилларда масжид таъмирланиб, кенгайтирилди, қибла томонига туташтириб яна бир хонақоҳ қурилди ва аввалги меҳробининг икки ёнидаги девор олиниб, қўшиб юборилди.

2007 йилги қурилиш – таъмирлаш ишларидан кейин Тилла Шайх масжиди биноси ташқи ва ички томонидан янада кўркам, ибодат учун қулай бўлди. Гумбазлар ичи бир-бирига ўхшамаган рангин нақшлар билан безатилди, ўзига ярашган ганчкори безаклар ила зийнатланди. Шифт ва деворларига ўрнатилган қандил ва чироқлар хонақоҳни янада ёруғ ва файзли қилди.