Ҳазрати Усмон Мусҳафи

Чоп этилган: 22.03.2016 Ўқилган: 1078

Бу муборак Қуръон учинчи халифа Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) буйруқларига асосан VII асрда (644-648 йй.) кийик терисига кўчиртирилган. Ўша даврда жами олти нусха Мусҳаф кўчиртирилган эди. Шулардан ер юзида китоб шаклида сақланган ягона нусха Мўйи Муборак мадрасаси кутубхона музейидаги Мусҳафдир. Халқаро ЮНЕСКО ташкилоти 2000 йилнинг 28 августида ушбу Мусҳафнинг асл нусха эканини тасдиқловчи ҳужжат – сертификат ҳам берди.

Ҳазрати Усмон Мусҳафини Ҳазрати Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) тўплаган Қуръони карим саҳифалари асосида Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саид ибн Ос ва Абдураҳмон ибн Ҳорис (розияллоҳу анҳум) кўчиришган. Ушбу Мусҳафнинг Ўрта Осиё заминига келтирилиши тарихи ҳақида турли ривоятлар, қарашлар мавжуд. Ҳазрати Усмон Мусҳафининг қиммат баҳолигини, нодирлигини ҳамда унга эга бўлиш учун катта салоҳият талаб қилинишини эътиборга олсак, Мовароуннаҳрга Соҳибқирон Амир Темур юришлари даврида - 1375 йили Ироқдан олиб келингани тўғрисидаги тахмин ҳақиқатга яқин туюлади.

Мусҳаф узоқ йиллар Самарқанддаги Нодир Девонбеги Тоғо мадрасасида сақланади. Ўрта Осиёни Русия босиб олганидан сўнг, 1869 йили Зарафшон генерал – губернатори Абрамов ушбу Мусҳафни Туркистон генерал – губернатори Фон Кауфманга, у эса, ўз навбатида, Санкт-Петербургга, император кутубхонасига бериб юборади. 1905 йилда Санкт-Петербургда ушбу Мусхафдан 50 дона нусха олинади. 1917 йил Октябрь инқилобидан сўнг Мусҳаф Русия мусулмонлари идорасига берилган. Ўшанда Русия мусулмонлари идораси Уфа шаҳрида жойлашган эди. Шундан сўнг Тошкент, Сирдарё уламолари талабига мувофиқ, «Мусҳафи Усмонни Ўзбекистонга қайтариб бериш тўғрисида»ги Декретга асосан 1924 йили махсус поезд билан Тошкентга юборилган. Мусҳаф бир оз муддат Тошкент шахридаги Хожа Ахрор Валий масжидида, кейинчалик Ўзбекистон тарихи давлат музейида сақланди. 1989 йили Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Махкамаси қарорига биноан Мусхафи Шариф мусулмонлар идорасига тақдим қилинди.

Халифа Усмон (розияллоҳу анҳу) ушбу Мусҳафни ўқиб ўтирган пайтларида шаҳид этилганлар. У кишининг муборак қон доғлари Китоб саҳифаларида сақланиб қолган. Ҳазрати Усмон Мусҳафи куфий, анборий – химярий хат турида кўчирилган. Бу хат Ҳижозда тарқалгани учун «ҳижозий хат» ҳам деб аталади. Вараклар ўлчами 53 х 68 см; варақлар сони 338 та. Асл кийик терисига кўчирилган, шундан 69 та варағи шарқ қоғози билан таъмирланган.