Бароқхон мадрасаси

Чоп этилган: 04.03.2016 Ўқилган: 943

Ҳазрати Имом мажмуасининг жануби-ғарбий чеккасида, “Тилла Шайх” масжидининг қибла тарафида Бароқхон мадрасаси жойлашган. Тошкентнинг кейинги беш юз йиллик тарихига гувоҳ бу мадраса қадимий илм-фан, маданият ўчоғи ҳисобланади. 1503 йилда Тошкентни қўлга киритган Шайбонийхон унинг бошқарувини Жонибек Султонга топширади. 1509-1524 йиллари эса Суюнчхўжа Тошкент ҳокими бўлади.

Суюнчхўжа вафотидан кейин Тошкентни унинг ўғли Султон Муҳаммад (Келди Муҳаммад дейишган) (1525-1533 йиллар) бошқарди. Султон Муҳаммад вафотидан кейин эса 1533 йили унинг укаси Наврўз Аҳмадхон (Барокхон) Тошкент хони бўлди. У ёшлигида Зайниддин Восифийдан шеърият ва мусиқадан таълим олган, чавандозликда уста, жисмоний машқларга ўч, асосий умри ҳарбий юришларда ўтишига қарамай, халққа мурувватли, юмшоқ ва мулойим феълли киши эди. Шу боис уни “Барокхон” деб ҳам аташган. Наврўз Аҳмадхон (Бароқхон) 1554 йили шайбонийлар давлатининг олий ҳукмдори, Мовароуннаҳр хони бўлди.

Ўшанда фаолиятини эндигина бошлаган мадраса “Бароқхон” номи билан аталди ва бошидан ҳар хил кечмишларни ўтказганига қарамай, бизнинг кунларга ҳам шу ном билан етиб келди.

Бароқхон мадрасаси 1502-1770 йиллар оралигида босқичма-босқич қурилган, кейин яхлит бир иморат шаклини олган. Қадимшунослар асосан уч босқичда қурилганини аниқлашган. Бинонинг биринчи бўлаги бош пештоқнинг чап тарафидаги номаълум мақбарадир. Услуби самарқандча, XIV аср иккинчи ярмида тикланган. Иккинчи бўлаги 1531-1532 йиллари қуриб битказилган. Гумбази «Бароқхон» ёки «Кўк Гумбаз» деб аталган, Суюнчхўжанинг тўнғич ўғли Муҳаммад отаси учун солдирган мақбара. Бухоро меъморлиги услубида. Икки мақбара ораси XVII аср ўрталаригача мозор бўлган. Сўнгра қандайдир сабабларга кўра мозор бузилиб, тимли айвон билан икки мақбара уланган. Тимлар бир қаватлик бўлиб, анъанавий гумбазлар билан ёпилган.

Архив хужжатларига кўра, Бароқхон мадрасаси 1868 йили 34 ҳужра, бир масжид, бир дарсхонадан иборат бўлган. Муҳаммад Солиҳхўжа ёзишича, мадраса 1886 йилги зилзиладан қаттиқ зарар кўрган, 22 метрли гумбази қулаб тушган. Кейинчалик мадраса қаровсиз қолган ва узоқ вақтгача ҳеч қандай мақсадда ишлатилмаган.

1917 йилга келиб, мадрасани ётоқхонага айлантиришган. Натижада унинг тарихий кўринишига катта ўзгартиришлар киритилган.

1936 йилдан мадраса кўрлар жамияти ва омборхона сифатида ишлатиб келинди ва қаровсизлигидан йиқиладиган ҳолга тушди.

XX асрнинг 50-йилларида Бароқхон мадрасаси Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати ихтиёрига берилди. Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон бошчилигида қайта таъмирланди. 1956 йили диний идора мадраса биносига кўчиб ўтди. Бинодан 2006 йилнинг охиригача Ўзбекистон мусулмонлари идораси қароргоҳи сифатида фойдаланилди.

2007 йили Бароқхон мадрасаси буткул қайта таъмирланди.