Кандакорлик

Чоп этилган: 23.02.2016 Ўқилган: 1461

Кандакорлик — ўймакорликнинг металл буюмларни ўйиб, чизиб нақш, тасвир ишлаш соҳаси. Буюмларни безашда кандакори (ўйиб, кесиб), қолипаки (қолип ёрдамида), симкори (симдан фойдаланиб), шунингдек, буюмларнинг қисмлари (қопқоқ, даста ва б.) ва икки қаватли буюмларни безашда шабака (панжарали қилиб ишлаш) усуллари қўлланилади, анъанавий усимликсимон (ислимий) ва ҳандасий (гириҳ) нақшлардан мужассамотлар яратилади. Нақш ёки тасвир замини пўлат қалам (асбоб)лар ёрдамида чуқур ёки саёз ўйилади, замин саёз ўйилганда рангли локлар билан бўялади, пардозланади, чекма, уйма, катак, параллел кесма чизиқлар билан жило берилади.

Археологик топилмалар (бронза қозон, милоддан аввалги 6—5-асрлар, Фарғона водийси, Ўзбекистон халқлари тарихи музейида; Амударё хазинаси таркибига кирган металл буюмлар, милоддан аввалги 4—2-асрлар, Британия музейида; Самарқанд Регистонидан топилган металл буюмларнинг йирик хазинаси ва б.) кандакорлик бадиий ҳунармандлик тури сифатида Ўрта Осиё (жумладан, Ўзбекистон ҳудуди)да жуда қадимдан мавжудлигини кўрсатади.

18—19-асрларда Бухоро, Самарқанд, Хива, Қўқон, Қарши, Шаҳрисабз, Тошкент каби шаҳарларда кандакорлик марказлари бўлган.