Жамғарманинг мақсад ва вазифалари

Чоп этилган: 22.02.2016 Ўқилган: 1205

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 7 августдаги ПҚ–938–сонли қарори асосида “Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси” ташкил қилинди. Ҳозирги кунда жамғарма ушбу қарор ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида ишлар олиб боришни белгилаб олди. Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш бўйича жамғарма ўз низомини ва тегишли ҳужжатларини ишлаб чиқди.

Жамғарманинг низоми Адлия вазирилиги томонидан 4 сентябрь 2008 йил 681-рақами билан давлат рўйхатига олинди. Ушбу низомда Президентнинг қарори асосида мақсад ва вазифалари тўла белгиланган бўлиб, жамғарманинг ҳар томонлама расмий иш юритиши учун асосий ҳужжат сифатида қабул қилинган. Ушбу қонун ҳужжатларига биноан жамғарма мамлакатимизда жойлашган муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни сақлаш, таъмирлаш ва тиклаш, ободонлаштириш ва уларнинг инфратузилмасини замон талаблари даражасига кўтариш, бу жойлар билан боғлиқ мутафаккир ва азиз-авлиёларимизнинг ибратли ҳаётлари ҳамда бебаҳо бой маънавий меъросини асраб авайлаш, уни халқимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлоднинг онги ва шуурига янада чуқур сингдириш, асрлар давомида шаклланиб, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган умумбашарий ва миллий урф-одатларимизнинг авлоддан авлодга ўтишини таъминлаш каби эзгу ишларни амалга ошириш асосий тамойил сифатида белгилаб олинган.

Бундан ташқари жамғарманинг 2008-2009 йиллар бўйича ишлар режаси, 2008-2009 йиллар бўйича мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда қилинадиган Комплекс чора-тадбирлар дастури ва 2008-2009 йилларда Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш бўйича амалга оширилиши кўзда тутилган иш режаси ишлаб чиқилди.

Ушбу Низом, иш режа ва дастурлар асосида юртимиздаги мавжуд зиёратгоҳ, қадамжо, масжид, қабристон ва тарихий обидаларни таснифлаштириш, уларнинг ҳолатини ўрганиш, улар тўғрисида маълумотлар базасини яратиш, ноёб тарихий-меъморий мажмуалар бўлмиш Шайх Ҳованди Таҳур, Султон Увайс бобо, Лангар ота, Дорус Саодат, Сўфи Оллоёр, Такия ота, Имом Мотуридий, Имом Марғиноний ва бошқа зиёратгоҳларни сақлаш, тиклаш-таъмирлаш ва янада ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини ривожлантиришда молиявий ҳамкорлик қилиш, жойлардаги зиёратгоҳларни давр талаби даражасида сақлаш, ободонлаштириш ва тарғиб этиш мақсадида жамғарманинг вилоят бўлимларини ташкил қилиш кўзда тутилган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги таълим муассасаларининг моддий ва ўқув базасини атрофлича ўрганиб бориш ҳамда таълим-тарбия ва ўқув жараёнини такомиллаштириш мақсадида уларни замонавий техника воситалари ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда давр талабига мос шарт-шароитларни яратиб бориш, диний таълим муассасаларидаги таълим-тарбия жараёнини ва мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда диний соҳада фаолият кўрсатаётган ходимлар малакасини ошириш масаласида курслар ташкил этиш юзасидан молиявий кўмак бериш низомнинг асосий мақсадларидандир.

Маҳаллаларда истиқомат қилувчи ночор ва кам таъминланган оилаларнинг ҳолидан хабар олиш ва уларга муносиб моддий ёрдамлар кўрсатиш ҳамда меҳрибонлик уйлари, ногиронлар жамияти, махсус мактаб ва боғчалар тарбияланувчилари учун хайрия тадбирлари ташкил этиш ва уларга ҳомийлик ёрдамларини кўрсатиш жамғарманинг вазифаларидандир. Республикада қарор топган толерантлик муҳити, эътиқод эркинлиги соҳасида олиб борилаётган сиёсатни тарғиб қилиш мақсадида халқаро илмий-амалий анжуманлар ўтказиш, презентация, кўргазмалар ташкил этишда ҳомийлик қилиш ҳамда шарқона одоб-ахлоқ анъаналари, урф-одатлар, умуминсоний миллий-диний қадриятларимиз асосида таълим-тарбия ва тарғибот ишлари билан шуғулланиш, белгиланган тартибда ушбу йўналишда телекўрсатув, радиоэшиттиришлар тайёрлаш, адабиётлар ва кўргазмали воситаларни нашр этишда амалий ёрдам кўрсатиш каби эзгу ишлар белгилаб олинди.

Жамғарманинг молиявий ишларини амалга ошириш учун Президент қарорида белгиланган тартибда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкида 20212000404727084001 ҳисоб рақами ҳамда хорижий банк муомаларини йўлга қўйиш учун тегишли 20212840904727084001 валюта ҳисоб рақами очилди. Бундан ташқари солиқ органларида ҳамда статистика бошқармасида ҳам алоҳида реквизитлар очилди.

Ҳозирги кунда жамғармада 10 та ходим фаолият кўрсатмоқда.