Диний идора ички ва ташқи туризм учун лицензия олди

Чоп этилган: 23.02.2018

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2016 йил 2 декабрдаги ПФ-4861-сон фармони, шунингдек, юртимизда туризм соҳасини ривожлантишга қаратилган изчил саъй-ҳаракатларга ҳамоҳанг тарзда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам “зиёрат туризм” фаолиятини йўлга қўйди.

Жорий йилнинг 23 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамоат фондига Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан туризм фаолиятини кириш, чиқиш ва ички туризм йўналишларида амалга ошириш ҳуқуқини берувчи Т-0151-сон махсус лицензияси тақдим этилди.

Эндиликда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамоат фонди юртимиздаги қадамжо, зиёратгоҳ ва масжидларни таъмирлаш ва обод этиш билан бир қаторда, бундай табаррук масканларга маҳаллий ва хорижий фуқароларнинг кенг кўламдаги зиёратларини уюштириш, зиёратчилар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш ва мусулмон дунёсидаги нуфузини янада оширишга ҳам хизмат қилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 7 августдаги ПҚ 938 – сонли Қарорига асосан ташкил этилган. Фонднинг асосий мақсади муқаддас Ислом дини, Ислом фалсафаси ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган буюк уламо ва азиз авлиёларнинг табаррук номлари билан боғлиқ Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Ҳазрати Имом, Шоҳи Зинда, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Кўк гумбаз, Дорус-саодат, Қосим шайх каби мамлакатимиз ҳудудидаги қутлуғ зиёратгоҳ ва қадамжоларни талаб даражасида сақлаш ва ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини такомиллаштириш ишларини амалга оширишдан иборат.

Юридик манзил: 100002, Тошкент шаҳар, Қорасарой кўчаси, 47-уй.
Алоқа телефонлари: (+99871) 150-64-11, 240-17-69
Интернет манзил: www.qadamjo.uz
э-почта: Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.

Икромжон АҲМЕДОВ