Ислом маданияти марказини ташкил этиш тўғрисидаги Юртбошимизнинг қарори

Чоп этилган: 03.07.2017 Ўқилган: 409

Жорий йилнинг 15 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистонда Ислом маданияти маркази ташкил этилиши ҳақида гапирган эди.
 
23 июнь куни Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
 
Ўз миллий тарихи ва маданиятига, дунёда энг катта бойлик бўлган интеллектуал ва маънавий салоҳиятга чуқур ҳурмат билан ёндашиш, уни асраб-авайлаш ва бойитиш, шу асосда ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш жаҳондаги ҳар бир давлат ва жамиятнинг моддий ва маънавий тараққиётида, ҳеч шубҳасиз, ҳал қилувчи ўрин эгаллайди.
 
Шу борада дунё тарихида илк Шарқ Уйғониш даври – Мусулмон Ренессанси деб ном олган ўрта асрлар ва ундан кейинги замонларда бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани ва маданияти, муқаддас ислом дини ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси дунё илмий жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда тан олинган. Хусусан, IX-XI асрларда Хоразмда ташкил этилган Маъмун академияси ва “Байт ул-ҳикма”, яъни “Донишмандлик уйи” деган ном билан шуҳрат қозонган Бағдод академиясида, XV асрда Самарқандда шаклланган Мирзо Улуғбекнинг илмий мактабида самарали меҳнат қилган олимлар, ўтмишда юртимизда ислом динининг мазмун-моҳиятини чуқур тадқиқ қилиш ва тарғиб этиш бўйича бетакрор асарлар яратган уламолар бутун дунёга донг таратганлар.
 
Ўрта асрларнинг илк даврида улуғ аждодларимиз томонидан математика, астрономия, физика, кимё, геодезия, фармакология, тиббиёт каби аниқ фанлар билан бирга, тарих, география, фалсафа, маданият ва санъат, архитектура соҳаларида яратилган буюк илмий ғоя ва кашфиётлар жаҳон илм-фани ва цивилизацияси ривожида кескин бурилиш ясади.
 
Ўз давридаги барча қийинчилик ва оғир синовларга қарамасдан, бу аллома ва мутафаккирлар илму фан равнақи йўлидаги ўз бурчига, гуманизм ва маърифат ғояларига ҳамиша содиқ қолиб, ҳақиқий маънавий жасорат намунасини кўрсатдилар ва уларнинг халқимиз ва башарият олдидаги буюк хизматлари, айниқса, мустақиллик йилларида муносиб ҳурмат ва эътибор топиб келмоқда.
 
Улуғ аждодларимиз томонидан яратилган ва бугунги кунда бутун маърифатли дунёни ҳайратга солиб келаётган илмий мерос фақат бир миллат ёки халқнинг эмас, балки бутун инсониятнинг маънавий мулки бўлиб, бу бебаҳо бойлик янги ва янги авлодлар учун донишмандлик ва билим манбаи, энг муҳими, янги кашфиётлар учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.
 
Айни вақтда таъкидлаш лозимки, ана шу бетакрор илмий мероснинг барча қатламлари ҳали тўлиқ ўрганилмаган ва ўз тадқиқотчиларини кутмоқда. Биргина мамлакатимиз китоб фондларида сақланаётган, асосий қисми ЮНЕСКОнинг маданий мерос рўйхатига киритилган 100 мингдан зиёд қўлёзма асарлар ҳам шундан далолат беради.
 
Халқимизнинг яратувчилик даҳоси билан бунёд этилган ана шундай ноёб меросни илмий асосда ҳар томонлама чуқур ўрганиш, юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақида яхлит тасаввур уйғотиш, улар билан аҳолимиз ва жаҳон жамоатчилигини кенг таништириш, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш, инсон қалби ва онгини эгаллаш учун турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган бугунги мураккаб даврда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаш мақсадида:
 
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Республика миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Тошкент ислом университети, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва жамоатчилик вакиллари томонидан билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази (кейинги ўринларда – Марказ) ташкил этилсин.
 
2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
 
мамлакатимиз асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган илмий-тарихий концепцияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
 
Марказ таркибидаги кутубхона ва архив, қўлёзмалар фондларини бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар, азиз-авлиёлар, улар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори-атиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий-тадқиқот ишлари, китоб ва тўпламлар, видео ва фото ҳужжатлар ҳисобидан шакллантириш;
 
Марказ таркибидаги музей экспозициясининг мавзу йўналишларини чуқур ўйланган, илмий асосланган аниқ режа бўйича шакллантириш ва уни энг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида намойиш этиш;
 
ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошларимиз – Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотурудий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур тадқиқ этиш, уларнинг илмий-маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатларини кенг тарғиб қилиш;
 
жаҳон илм-фани тарихида ўчмас из қолдирган Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Маҳмуд Замаҳшарий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби олим ва мутафаккирлар меросининг тарихий ва замонавий цивилизация тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Камолиддин Беҳзод, Маҳмуд Музаҳҳиб сингари мумтоз адабиёт ва санъат намояндалари ижодининг инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш;
 
ислом дини одамларни, барча миллат ва халқларни ҳамиша нурли ҳаётга, эзгулик, ўзаро дўстлик ва инсонийликка даъват этишини, унинг асл, гуманистик мазмунини теран таҳлил этишга қаратилган илмий тадқиқотлар, жаҳон аҳлини бир мақсад йўлида – жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида бирлашишга чорлайдиган турли анжуманлар, маърифий тадбирларни амалга ошириш;
 
Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва маданияти, давлатчилик анъаналари, халқимизнинг турмуш тарзи ва дунёқараши ислом цивилизацияси билан чамбарчас боғлиқ ҳолда шаклланиб, ривожланганини Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Кеш, Насаф, Термиз, Андижон, Марғилон, Кармана, Қўқон сингари қадимий шаҳарларимиз, улуғ алломалар ва азиз-авлиёлар хотирасига бағишлаб юртимизда бунёд этилган ёдгорлик мажмуалари, муқаддас қадамжолар макетлари, улуғ сиймолар, ноёб қўлёзма ва тошбосма асарлар, моддий ва номоддий мерос, хусусан, “Шашмақом” намуналари каби ноёб экспонатлар орқали акс эттириш, шу йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб бориш, уларнинг натижалари асосида қомуслар, каталог ва альбомлар, илмий-оммабоп тўпламлар, телекўрсатув, фильм ва бошқа материаллар тайёрлаш;
 
Марказда, маҳаллий ва чет эллик мутахассисларни кенг жалб этган ҳолда, илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш ва уларнинг натижаларидан юртимиз ҳамда жаҳон жамоатчилигини хабардор қилиб бориш;
 
Европа Ренессансининг шаклланишига кучли таъсир кўрсатган Мусулмон Ренессанси даврида илм-фан, маданият ва санъат, меъморлик ривожи тўғрисидаги кенг қамровли маълумотлар павильонларини ташкил этиш орқали Марказда намойиш этиладиган экспозицияларни мазкур даврларга оид экспонат ва кўргазмали манбалар билан бойитиш;
 
жаҳон тарихида “Амир Темур ва темурийлар ренессанси” деган ном билан алоҳида ўрин эгаллайдиган даврда яратилган илм-фан, маданият ва меъморлик дурдоналарини ислом маданиятининг нафақат юртимиздаги, балки бутун мусулмон оламидаги тараққиёт ва юксалиш даври сифатида кўрсатиш;
 
бугунги кунда тобора катта аҳамият касб этаётган динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни самарали йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказининг жаҳондаги нуфузи халқаро илмий муассаса ва тузилмалар, жумладан, ЮНЕСКО, АЙСЕСКО каби халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш.
 
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
 
Марказ директорига, зарур ҳолларда, Марказнинг ташкилий тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
 
4. Марказ фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш бўйича васийлик кенгашининг таркиби 2-иловага биноан тасдиқлансин.
 
5. Белгилаб қўйилсинки:
 
Марказ директори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;
 
Марказ фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш бўйича васийлик кенгаши Марказ фаолиятини мувофиқлаштиради, унга юкланган вазифаларни амалга оширишда кўмаклашади.
 
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:
 
Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказининг уставини тасдиқласин;
 
Марказнинг маъмурий ва асосий биноларини (кейинги ўринларда – объект деб аталади), унинг таркибидаги кутубхона ва музейни ҳисобга олган ҳолда, Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуасига ёндош ҳудудда қуриш, унинг зарур моддий-техник базаси ва инфратузилмаларини барпо этиш ҳамда ривожлантириш лойиҳаларини тасдиқлаш ва амалга ошириш, Марказ фаолиятига юқори малакали мутахассисларни жалб этиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарорини тасдиқласин.
 
Қарорда қуйидаги вазифалар белгиланиши назарда тутилсин:
 
объектнинг қурилиш-монтаж ва жиҳозлаш ишларида қўлланадиган ҳамда пудрат ташкилоти ва буюртмачи томонидан олиб келинадиган қурилиш материаллари, асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, мебеллар, инвентарь ва жиҳозларни ўрнатилган тартибда тасдиқланган рўйхатлар бўйича божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этиш;
 
мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган ва чет элдан келтириладиган қурилиш материаллари, асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, мебеллар, инвентарь ва жиҳозларни тендер ўтказмасдан, ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчиларнинг энг яхши намуналар бўйича таклифлари асосида сотиб олиш;
 
объект учун мўлжалланган, чет элдан келтириладиган қурилиш материаллари, асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, мебеллар, инвентарь ва жиҳозларни бош пудратчининг омбор майдонларида (ИМ-74) (божхона омбори) божхона режимида жойлаштиришга рухсат бериш;
 
Марказнинг илмий-тарихий концепциясини ишлаб чиқиш, унинг музей ва кутубхонаси фаолиятини ва фондларини шакллантириш, экспозицияларини ташкил қилиш тартибларини белгилаш;
 
Илмий-тарихий концепцияни ишлаб чиқишга хорижий мутахассисларни жалб этиш ва бу борадаги илғор чет эл тажрибасини ўрганиш.
 
7. Тошкент шаҳар ҳокимлиги:
 
объект қурилиши учун танланган ер майдонидаги турар жой бинолари ва бошқа иншоотларни белгиланган тартибда бузиб олиш ва кўчириш ишларини икки ой муддатда амалга оширсин;
 
лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қурилиш-монтаж ишларини белгиланган муддатларда амалга ошириш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминласин;
 
“Давархитектқурилиш” қўмитаси ва “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси билан биргаликда объект қурилиши учун тегишли ер майдони ажратилишини икки ҳафта муддатда таъминласин;
 
8. “Давархитектқурилиш” қўмитаси лойиҳа-смета ҳужжатлари белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилишини ва қурилиш-монтаж ишларини белгиланган муддатларда амалга ошириш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминласин.
 
9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:
 
Марказга маданий-гуманитар соҳадаги нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий мамлакатлардаги мазкур йўналишда фаолият кўрсатаётган муассасалар билан илмий ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантиришда амалий ёрдам берсин;
 
Марказнинг мурожаатига биноан Марказни ташкил этиш, унинг фаолиятини ривожлантириш ҳамда келгусида ўтказиладиган тадбирларда (конференция, симпозиум, форум ва бошқалар) иштирок этадиган хорижий мутахассисларга визаларнинг консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.
 
10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Марказ томонидан бериладиган буюртманомаларга биноан Марказни ташкил этиш, унинг фаолиятини ривожлантириш ҳамда ушбу муассаса томонидан келгусида ўтказиладиган тадбирларда иштирок этадиган тегишли хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар берилиши ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг Ўзбекистон Республикасида вақтинча пропискадан ўтказилиши ва унинг муддати узайтирилишини давлат божи ундирмасдан таъминласин.
 
11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ой муддатда Марказнинг штат жадвалини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.
 
12. Қуйидагилар Марказни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
 
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
 
Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлардан тушадиган ихтиёрий бадаллар;
 
Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатлар жисмоний ва юридик шахсларининг ҳомийлик хайрия маблағлари;
 
муайян лойиҳа ва грантлардан ажратилган маблағлар.
 
13. Марказнинг маъмурий ва асосий биноларини қуриш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар машҳур ватандошимиз, россиялик тадбиркор Алишер Усмоновнинг ҳомийлик хайрия маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши инобатга олинсин.
 
14. Маҳаллий ва хорижий юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг Марказни ташкил этиш ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳомийлик хайрия маблағлари даромад солиғидан озод қилинсин.
 
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 апрелдаги Ф-4891-сонли фармойиши асосида ташкил этилган Товарлар (ишлар, хизматлар) импорти ҳажмини ва таркибини танқидий таҳлил қилиш, импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш бўйича Комиссия билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат асосида бош пудратчи томонидан Марказ учун олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган қурилиш материаллари, асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, мебеллар, инвентарь ва жиҳозлар 2022 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.
 
16. Ўзбекистон Республикасининг Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси мазкур объект қурилиши доирасида қурилиш материаллари, асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, мебеллар, инвентарь ва жиҳозларни сотиб олиш бўйича шартномаларни ўн кун муддатда экспертизадан ўтказсин.
 
17. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК Марказ буюртманомаларига биноан Марказни ташкил этиш, унинг фаолиятини ривожлантириш ҳамда ушбу муассаса томонидан келгусида ўтказиладиган тадбирларда иштирок этадиган юқори мартабали меҳмонларга Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортининг VIP зали орқали бепул хизмат кўрсатилишини, хорижий мутахассисларга мазкур аэропортнинг VIP зали орқали белгиланган тартибда хизмат кўрсатилишини таъминласин.
 
18. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
 
19. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Жаҳон” ахборот агентлигига Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини барпо этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ишларни оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш тавсия этилсин.
 
20. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари Х.Султонов, Р.Комилов зиммасига юклансин.
 
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Шавкат Мирзиёев
 
Тошкент шаҳри, 2017 йил 23 июнь