Қирғизистон Республикасининг бир гуруҳ имомлари билан Диний идорада учрашув

Чоп этилган: 26.03.2018 Ўқилган: 1129

Жорий йилнинг 25 март куни Қирғистон мусулмонлари идорасининг Ўш шаҳар вакили ўринбосари Тошхўжаев Анасхон Жалалиддинович бошчилигидаги 11 кишидан иборат делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасини ҳамда Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилишди. Делегация аъзоларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими Бош мутахассиси Илёс Ахмедов ҳамда Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамоат фонди Бош мутахассиси Икром Ахмедовлар кутиб олишди. Делегация аъзоларига юртимиздаги диний ҳолат ҳамда соҳада олиб борилётган ислоҳотлар ва эришилаётган ютуқлар тўғрисида маълумот берилди. Меҳмонлар ҳам бундай ўзгаришларга ўз кўзлари билан кўриб гувоҳ бўлаётганликларини, қирғиз халқининг юртимизни зиёрат қилишга бўлган қизиқишлари ниҳоятда юқори эканлигини ва бу борада диний ташкилотларга кўплаб мурожаатлар келиб тушаётганлигини, келгусида зиёрат туризм соҳасида алоқаларни кенг йўлга қўйиш мақсадида Ўш шаҳрида йирик масжидларнинг имом-хатиблар билан биргаликда Тошкент, Самарқанд ва Бухородаги қадамжо ва зиёратгоҳларни зиёрат қилишга келганлигини маълум қилди. Шунингдек, меҳмонлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятига, Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармасига хусусан муфтий У. Алимов ҳазратларига шахсан шундай ўзаро самимий учрашувлар ташкил этиб, юртимизни зиёрат қилишлари учун кўрсатаётган амалий ёрдамлари учун алоҳида миннатдорчилигини изҳор этди. Учрашув якунида барча меҳмонларга муфтий У. Алимовнинг "Ҳазрати Имом мажмуаси" китоби ҳадя тариқасида берилди. Шундан сўнг Қирғистоннинг диний соҳа вакиллари Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилишди. Маълумот учун Қирғистон делегацияси эртага Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги зиёратгоҳ ва қадамжоларга ҳам ташриф буюришади.